Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Ачитқи ҳужайраси ниҳоятда мураккаб тузилишга эга. Ачитқи ҳужайрасининг ядросидаги ДНК унинг ҳаракатларини бошқаради. Ҳужайранинг ичида микроскопик машиналар бор бўлиб, улар молекулаларни саралайди, тарқатади ва ўзгартиради. Мазкур қадамлар ҳужайра яшаши учун муҳим.

Тирик организмлар бизга нимани очиб беряпти?

Тирик организмлар бизга нимани очиб беряпти?

Атрофимиздаги барча тирик организмлар ўсади, ҳаракатланади ва кўпаяди. Улар сайёрамизга ўзгача гўзаллик бахш этади. Бугунги кунда тирик организмлар ҳақида ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ маълумотга эгамиз. Улар бизга ҳаётнинг келиб чиқиши ҳақида нимани очиб беряпти? Қуйидагиларни кўриб чиқайлик.

Тирик организмларнинг мураккаблиги улар яратилганидан далолатдир. Барча тирик организмлар миттигина ҳужайралардан иборат. Ҳар бир ҳужайра тирик организм яшаши ва кўпайиши учун кўплаб мураккаб вазифаларни бажаради. Бундай мураккаб жараён ҳатто энг оддий ҳаёт шаклларининг ичида ҳам юз беради. Масалан, бир ҳужайрали организм бўлмиш хамир ачитқисини олайлик. Инсон ҳужайраси билан солиштирганда ачитқи ҳужайраси жуда соддадек кўриниши мумкин. Аммо у ниҳоятда мураккаб тузилишга эга. Ачитқи ҳужайраларининг ядросидаги ДНК (дезоксирибонуклеин кислота) уларнинг ҳаракатларини бошқаради. Ҳужайраларнинг ичида микроскопик машиналар бор бўлиб, улар молекулаларни саралайди, тарқатади ва ўзгартиради. Мазкур қадамлар эса ҳужайралар яшаши учун муҳим. Озуқа қолмаганида ҳужайралар аста-секин ўз фаолиятини тўхтатиб, худди уйқу ҳолатига ўтгандай бўлади. Бу туфайли ачитқини узоқ вақт давомида ошхонада сақлаш мумкин ва кейинчалик у нон пишириш учун ишлатилганида яна ўз фаолиятини бошлайди.

Олимлар инсон ҳужайраларини яхшироқ ўрганиш учун ўнлаб йиллар давомида ачитқи ҳужайралари устидан тадқиқотлар олиб боришяпти. Аммо улар билмайдиган нарсалар ҳали кўп. Швециядаги Чалмерс технология университетининг профессори Росс Кинг афсус билан шундай деди: «Биз ачитқи ҳужайралари қандай ишлашини тушунишни хоҳлаймиз. Лекин бу соҳада тажрибалар ўтказиш учун биологлар етишмайди».

Сизнингча, ачитқи ҳужайраси ўз-ўзидан вужудга келганми? Ҳатто ачитқи каби ҳаётнинг оддий шакли қанчалик мураккаб экани ҳақида ўйлаганингизда, наҳотки сизга уни кимдир яратган, деган фикр келмаса?!

Ҳаёт фақат ҳаётдан пайдо бўлади. ДНК «нуклеотидлар» деб аталган молекулалардан иборат. Инсоннинг ҳар бир ҳужайрасида 3,2 миллиард нуклеотид бор. Нуклеотидларнинг бирикмалари махсус кодни ташкил этади. Бу код эса ҳужайрада ферментлару оқсилларни ҳосил қилади.

Олимларнинг айтишича, бу нуклеотидлар ўз-ўзидан миллиардлаб маротаба қўшилган тақдирда ҳам, улар фақат бир марта ДНК ҳосил қилиши мумкин. Бунинг эҳтимоли шу қадар камки, ҳатто имконсиздир.

Илмий тадқиқотларга кўра, олимлар ҳалигача жонсиз нарсалардан жонли нарсаларни ярата олмаган.

Инсон ҳаёти ноёб. Бошқа мавжудотлардан фарқли ўлароқ, биз инсонлар ҳаётдан тўла завқланиб яшаш учун керакли барча хусусиятларга эгамиз. Биз онгли равишда ижод ва мулоқот қила оламиз ҳамда туйғуларимиз бор. Шунингдек, таъм, ҳид сезамиз, товушларни эшитамиз ва рангларни кўра оламиз. Яна келажакка режа тузамиз ва ҳаёт мазмунини излаймиз.

Сизнингча, бизда бу хусусиятлар шунчаки мавжуд бўлишимиз ва кўпайишимиз учун борми? Ё улар ҳаётимиз меҳрибон Яратувчининг туҳфаси эканини исботлаяптими?