Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

24- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ

Маънавий мақсадларингизга эриша оласиз

Маънавий мақсадларингизга эриша оласиз

Яхшилик қилишда таслим бўлмайлик. Агар бўшашмасак, ўз вақтида ҳосилини ўриб оламиз. (ГАЛАТ. 6:9)

84- ҚЎШИҚ Эҳтиёж бор жойга шошамиз

БУ МАҚОЛАДА a

1. Кўпчилигимиз қандай қийинчиликка дуч келяпмиз?

 СИЗ ҳам маънавий мақсад қўйиб унга эришиш учун жон куйдирганмисиз? b Агар шундай бўлса, сиз ёлғиз эмассиз. Мисол учун, Филип ибодатларининг сифатини ва мунтазамлигини яхшилашни истаган. Лекин бунга вақт топишга қийналган. Эрика эса ваъзгўйлик хизмати учрашувларига ўз вақтида боришни мақсад қилиб қўйган. Лекин у деярли ҳар бир учрашувга кечикиб келган. Томас Муқаддас Китобни бутунлай ўқиб чиқишга бир неча марта ҳаракат қилган. У шундай деди: «Муқаддас Китобни ўқиш менга ёқмасди. Уни ўқиб чиқишга уч марта ҳаракат қилдим. Аммо ҳар сафар Левилар китобига келганимда тўхтаб қолардим».

2. Мақсадимизга эриша олмаётган бўлсак, нега руҳимизни туширмаслигимиз лозим?

2 Мақсадингиз бор бўлса-ю, унга эриша олмаётган бўлсангиз, илтимос, руҳингизни туширманг. Ҳатто кичкина мақсадлар ҳам одатда вақт ҳамда кўп меҳнат талаб этади. Мақсадингизга эришмоқчи эканингиз, Яҳова билан муносабатларингизни қадрлаётганингизни ва Унга ўзингизда бор энг яхшисини бермоқчи эканингизни кўрсатяпти. Яҳова ҳаракатларингизни жуда қадрлайди. Албатта, Худо қўлингиздан келмайдиган нарсани сиздан талаб қилмайди. (Заб. 103:14; Михо 6:8) Шунга сиз эриша оладиган мақсадни қўйинг. Унга эришиш учун нима қила оласиз? Келинг, айрим маслаҳатларни кўриб чиқайлик.

КУЧЛИ ИСТАК МУҲИМ АҲАМИЯТГА ЭГА

Кўпроқ истак сўраб ибодат қилинг (3-, 4- хатбошиларига қаранг.)

3. Нега кучли истак муҳим аҳамиятга эга?

3 Маънавий мақсадларга эришиш учун кучли истакка эга бўлиш зарур. Хоҳишимиз кучли бўлганда мақсадга эришиш учун жон куйдирамиз. Бундай истакни елканли қайиқни ҳаракатга келтирадиган шамолга ўхшатса бўлади. Шамол эсганда қайиқчи ўз манзилига етиб боради. Шамол кучли бўлганда эса у бундан ҳам тезроқ етиб олади. Шунга ўхшаб, хоҳишимиз қанчалик кучли бўлса, мақсадимизга шунчалик тезроқ эришиш мумкин. Сальвадордаги Дейвид шундай деди: «Хоҳишимиз кучли бўлса, кўпроқ ҳаракат қиламиз ва мақсадимизга эришишга ҳеч нарса халақит бермаслигига интиламиз». Хўш, хоҳиш кучли бўлиши учун нима қила оламиз?

4. Нима ҳақида ибодат қилишимиз керак? (Филиппиликларга 2:13) (Расмга ҳам қаранг.)

4 Кучли истак сўраб ибодат қилинг. Яҳова муқаддас руҳи орқали мақсадимизга эришиш учун бизда истак уйғотиши мумкин. (Филиппиликларга 2:13 ни ўқинг.) Мақсад қўйишимиз кераклигини биламиз, шунинг учун баъзида уни қўямиз ва бу яхши. Лекин унга эришишни унчалик истамасмиз. Угандада яшовчи Норина билан ҳам худди шундай бўлган. У ким биландир Муқаддас Китоб тадқиқини ўтишни мақсад қилиб қўйган. Аммо ўзини таълим беришда унчалик қобилиятли эмас, деб ҳисоблагани учун истаги сусайиб қолган. Бунда унга нима ёрдам берган? У шундай деди: «Ким биландир Муқаддас Китоб тадқиқини бошлаш истагини ошириш учун ҳар куни Яҳовага ибодат қилдим. Қолаверса, ибодатларимга ҳамоҳанг тарзда таълим бериш қобилиятимни яхшилашга ҳаракат қилдим. Бир неча ой ўтгач, истагим кучайганини сездим. Шунингдек, ўша йилнинг ўзида иккита тадқиқ бошладим».

5. Истагимизни кучайтириш учун нима ҳақида мулоҳаза юритсак бўлади?

5 Яҳованинг сиз учун қилган ишлари ҳақида мулоҳаза юритинг. (Заб. 143:5) Ҳаворий Павлус Яҳованинг унга кўрсатган инояти устида мулоҳаза юритган ва бу уни У учун бел боғлаб меҳнат қилишга ундаган. (1 Кор. 15:9, 10; 1 Тим. 1:12–14) Шунга ўхшаб, Яҳованинг сиз учун қилган ишлари ҳақида қанча кўп мулоҳаза юритсангиз, мақсадингизга эришиш истаги ҳам шунча кучаяди. (Заб. 116:12) Келинг, Гондурасдаги бир опамизга доимий кашшоф бўлиш мақсадига эришишга нима ёрдам берганини кўриб чиқайлик. У шундай бўлишди: «Яҳова мени қанчалик яхши кўриши борасида фикр юритардим. У менга оиласининг бир аъзоси бўлишга имкон берди. Қолаверса, Яҳова менга ғамхўрлик қилиб, ҳимоялаяпти. Булар устида мулоҳаза юритиш Унга бўлган севгимни мустаҳкамлаб, кашшоф бўлиш хоҳишимни кучайтирди».

6. Истагимизни кучайтиришга яна нима ёрдам бериши мумкин?

6 Эришадиган мақсадингизнинг баракаларига диққат қаратинг. Юқорида тилга олинган Эрика ваъзгўйлик хизмати учрашувига вақтида келиш мақсадига эришишга нима ёрдам бергани ҳақида шундай бўлишди: «Кеч қолиб кўп нарсалардан маҳрум бўлаётганимни тушундим. Эртароқ келсам биродару опа-сингиллар билан сўрашиб, бирга вақт ўтказа олар эканман. Қолаверса, хизматимни яхшилашга ва хурсандчилик топишимга ёрдам берадиган фойдали маслаҳатларни эшитишим мумкин». Эрика учрашувга вақтида келишнинг фойдали томонларига диққат қаратиб, мақсадига эришди. Сиз-чи, қандай баракаларга кўз тика оласиз? Айтайлик, мақсадингиз Муқаддас Китобни ўқиш ёки ибодат қилиш билан боғлиқ. Унда бу Яҳова билан муносабатларингизни қай йўсин мустаҳкамлаши ҳақида фикр юритинг. (Заб. 145:18, 19) Борди-ю, бирон фазилатни ривожлантиришни мақсад қилаётган бўлсангиз, у бошқалар билан бўлган муносабатларингизни қандай яхшилаши ҳақида ўйлаб кўринг. (Колос. 3:14) Мақсадингизга эришмоқчи эканингизнинг барча сабабларини ёзиб қўйинг ва доим уларни кўздан кечиринг. Юқорида тилга олинган Томас қуйидагича бўлишди: «Мақсадимга эришиш учун қанча кўп сабабим бўлса, унга эришиш учун шунча кўп ҳаракат қиламан».

7. Хулио ва рафиқасига мақсадига эришишга нима ёрдам берган?

7 Мақсадингизга эришишга ундайдиган инсонлар билан вақт ўтказинг. (Ҳик. 13:20) Хулио ва унинг рафиқасига хизматини кенгайтириш мақсадига эришишга нима ёрдам берганига диққат қаратинг. Хулио шундай деди: «Биз мақсадимизга эришишга ундайдиган инсонлар билан дўстлашдик ва улар билан бу тўғрисида суҳбатлашардик. Уларнинг аксарияти худди шундай мақсадларга эришган. Шунинг учун улар бизга фойдали маслаҳатлар бера олишарди. Шунингдек, дўстларимиз режаларимиз қандай ривож олаётгани билан қизиқишарди ва керак бўлганида бизга далда беришарди».

ИСТАГИМИЗ БЎЛМАГАНИДА

Мақсадингизга эришишга интилинг (8- хатбошига қаранг.)

8. Агар хоҳишимиз бўлгандагина мақсадимиз сари интилсак нима юз бериши мумкин? (Расмга ҳам қаранг.)

8 Тўғрисини айтадиган бўлсак, баъзида истагимиз бўлмаслиги мумкин. Бу мақсадимизга эришиш учун ҳеч нарса қила олмаслигимизни билдирадими? Йўқ. Ушбу мисолга эътибор беринг: шамол кучли бўлгани учун елканли қайиқ манзилига ета олади. Лекин шамолнинг кучи турлича бўлиши ва баъзида у ҳатто эсмаслиги мумкин. Бу қайиқчини ҳаракатдан тўхтатадими? Йўқ. Масалан, баъзи елканли қайиқларнинг мотори ва эшкаклари бўлади. Қайиқчи улардан фойдаланиб, қайиқни манзилига олиб боради. Бизнинг истагимизни ҳам шамолга ўхшатса бўлади ва баъзида у жуда кучли бўлади. Аммо айрим пайтларда мақсадимизга эришиш учун ҳеч қандай истакни ҳис қилмасмиз. Агар фақат хоҳишимиз бўлгандагина мақсадимиз сари интилсак, унга ҳеч қачон эриша олмаслигимиз мумкин. Қайиқчи манзилига етиш учун турли усуллардан фойдалангани каби биз ҳам истагимиз бўлмаганида мақсадимизга эришиш учун жон куйдиришдан тўхтамаймиз. Бу шахсий интизомни талаб қилиши тайин. Лекин бунинг натижаси арзийди. Келинг, нима қила олишимизни муҳокама қилишдан олдин бир саволга жавоб топайлик.

9. Бирон мақсад сари интилиш истагимиз бўлмаганда ҳам уни четга суриб қўйишимиз керакми? Тушунтиринг.

9 Яҳова биз бахтиёр бўлиб, Унга бажонидил хизмат қилишимизни хоҳлайди. (Заб. 100:2; 2 Кор. 9:7) Хўш, ўзимизни бундай ҳис қилмасак маънавий мақсад сари интилмаслигимиз керакми? Ҳаворий Павлуснинг мисолига эътибор қаратайлик. У: «Танамни савалаб, уни қулдай назорат қиляпман»,— деб айтган. (1 Кор. 9:25–27) Павлус Яҳова ундан истаган нарсани қилишни хоҳламаганида ҳам ўзини бунга мажбурлаган. Қизиқ, бу Яҳовага маъқул бўлганми? Албатта! Бунинг устига, Яҳова унинг ҳаракатларига барака берган. (2 Тим. 4:7, 8)

10. Истагимиз бўлмаса-да мақсадимиз сари интилсак, бундан қандай фойда оламиз?

10 Худди шундай, истагимиз бўлмаганида ҳам мақсадимиз сари интилсак Худо бундан мамнун бўлади. Яҳова бирон-бир ишни доим яхши кўриб қилмасак-да, бундан қувонади. Сабаби, буни Уни яхши кўрганимиз учун қилаётганимизни билади. У Павлусга барака берганидек, бизга ҳам ҳаракатларимиз учун барака беради. (Заб. 126:5) Яҳованинг баракаларини кўрганимизда истагимиз пайдо бўлиши мумкин. Польшадан бўлган Лусина шундай деди: «Баъзида, айниқса, чарчаганимда ваъзгўйлик хизматига чиқишни истамайман. Лекин хизматга чиқиб келганимдан кейин жуда хурсанд бўламан». Энди эса келинг, хоҳишимиз бўлмаганида нималар қилишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.

11. Яҳова ўзини тута билиш фазилатини ривожлантиришимизга қай йўсин ёрдам бера олади?

11 Ўзини тута билиш фазилатини сўраб ибодат қилинг. Ўзини тута билиш туйғуларни ва ҳаракатларни назорат қилиш қобилиятидир. У кўпинча инсон ўзини ёмонликдан тийишини англатади. Аммо ўзини тута билиш бизни, айниқса, бирон вазифа қийин бўлганида ёки хоҳишимиз бўлмаганида яхшилик қилишга ҳам ундайди. Шуни унутмаслигимиз лозимки, ўзини тута билиш — муқаддас руҳ самарасининг бир қисми. Шу боис ушбу муҳим фазилатни ривожлантиришга ёрдам бериши учун Яҳовадан муқаддас руҳ сўранг. (Луқо 11:13; Галат. 5:22, 23) Юқорида тилга олинган Дейвид ибодат унга қандай кўмаклашгани билан бўлишди. У шахсий тадқиқни мунтазам равишда ўтказмоқчи эди. Дейвид шундай деди: «Мен Яҳовага ибодат қилиб, ўзини тута билиш фазилатини ривожлантиришга ёрдам беришини сўрадим. Унинг ёрдами билан қизиқарли шахсий тадқиқ дастурини бошлаб, уни мунтазам равишда ўтказа олдим».

12. Воиз 11:4 даги принцип маънавий мақсадлар билан қандай боғлиқ?

12 Идеал шароитларни кутманг. Бу дунёда идеал шароитлар бўлишини кутмаслигимиз зарур. Буни кутиб ўтирсак, ҳеч қачон мақсадимизга эришмаймиз. (Воиз 11:4 ни ўқинг.) Дэниел биродар шундай деди: «Идеал шароитнинг ўзи йўқ. Шу боис шунчаки ўтирмай ҳаракат қилишни бошлаш керак». Угандада яшовчи Паул биродар маънавий мақсад сари интилишни ортга сурмасликнинг яна бир сабабини келтириб, шундай деди: «Қийин вазиятга қарамай мақсадлар сари интилсак, Яҳова бизга барака ёғдиришига имкон берамиз». (Мал. 3:10)

13. Нима учун кичик нарсалардан бошлаш фойдали?

13 Кичик нарсалардан бошланг. Мақсадимизга эришиш қийин туюлгани учун унга эришишни истамасмиз. Агар сизда ҳам шундай бўлса, мақсадингизни кичик қисмларга бўлсангиз-чи?! Дейлик, қайсидир фазилатни ривожлантирмоқчисиз. Эҳтимол, буни кичик йўллар орқали намоён этишни бошларсиз. Ёки Муқаддас Китобни бутунлай ўқиб чиқмоқчисиз. Балки уни оз-оздан ўқишни бошларсиз. Муқаддас Китобни бир йил мобайнида ўқиб чиқишга қийналган Томасни эслайлик. У шундай деди: «Каломни жуда тез ўқиётганимни тушундим. Шунинг учун яна бошқатдан бошлашга қарор қилдим. Лекин бу сафар ҳар куни бир нечта оятни ўқиб, улар устида мулоҳаза юритардим. Натижада уни ўқиш менга завқ келтирарди». Каломни ўқиш Томасга ёққани учун уни янада кўпроқ ўқий бошлади. Шундай қилиб, у бутун Муқаддас Китобни ўқиб чиқди c.

ТЎСИҚЛАР ТУФАЙЛИ РУҲИНГИЗНИ ТУШИРМАНГ

14. Қандай тўсиқларга дуч келишимиз мумкин?

14 Афсуски, истагимиз кучли бўлишидан ёки ўзини тута билиш фазилатини ривожлантирганимиздан қатъи назар турли тўсиқларга учрашимиз мумкин. Масалан, «вақт ва тасодиф» мақсадимизга интилиш учун сарфлайдиган вақтимизни ўғирлаши мумкин. (Воиз 9:11) Қийинчиликларга дуч келганимиз учун руҳимиз тушиши ёки ўзимизни кучсиздай ҳис қилармиз. (Ҳик. 24:10) Номукаммал бўлганимиз сабабли хатолар қилишимиз ва бу мақсадимизга эришишни қийинлаштириши ҳеч гап эмас. (Рим. 7:23) Ё бўлмаса, шунчаки чарчаган бўлишимиз мумкин. (Мат. 26:43) Бундай тўсиқни ёки ёмон кунни ортда қолдиришга бизга нима ёрдам беради?

15. Тўсиқ пайдо бўлиши ютқизганимизни англатадими? Тушунтиринг. (Забур 145:14)

15 Унутмангки, ҳеч бир тўсиқ ютқизганингизни англатмайди. Муқаддас Китобда айтилишича, биз қайта-қайта қийинчиликларга дуч келиб турамиз. Лекин у ердан Яҳованинг ёрдами билан мақсадимиз сари интилишимиз мумкинлигини ҳам билиб оляпмиз. (Забур 145:14 ни ўқинг.) Юқорида тилга олинган Филип муваффақият ҳақида шундай фикр билдирди: «Муваффақиятим мақсадимга неча марта эриша олмаганим билан боғлиқ эмас. Аксинча, бу неча марта унга эришиш учун қилган ҳаракатларимга боғлиқ». Бояги Дейвид: «Тўсиқларга ва ёмон кунларга муаммодек қарамасликка интиламан. Аксинча, буни Яҳовага Уни қанчалик яхши кўришимни кўрсатиш имкони, деб биламан»,— деди. Ҳа, тўсиқларга қарамай олға интилсак, Яҳовани мамнун қилиш истагимиз борлигини исботлаймиз. Мақсад сари интилишда давом этсак Яҳовани қувонтирамиз.

16. Тўсиқлардан қандай сабоқ олишимиз мумкин?

16 Тўсиққа ниманидир ўрганиш имконидек қаранг. Тўсиққа дуч келганингизда, бу нега юз бергани ҳақида ўйлаб кўринг ва ўзингиздан шундай сўранг: «Бунга яна дуч келмаслик учун ниманидир ўзгартира оламанми?» (Ҳик. 27:12) Баъзи тўсиқлар мақсадимиз биз учун имконсиз эканини кўрсатиши мумкин. Агар сизда ҳам худди шундай бўлса, мақсадингизга эришиш имкони сизда бор-йўқлиги ҳақида яна ўйлаб кўринг d. Мақсадимизга имконимиз бўлмагани туфайли эриша олмаганимизда, Яҳова бизни муваффақиятсиз деб ҳисобламайди. (2 Кор. 8:12)

17. Нега эришган мақсадларимизни ёдда сақлашимиз лозим?

17 Эришган мақсадларингизни ёдда сақланг. Муқаддас Китобда: «Аллоҳ адолатсиз эмас. Чунки У... меҳнатингизни унутмайди»,— деб ёзилган. (Иброн. 6:10) Шунинг учун эришган ютуқларингизни ва мақсадларингизни ёдингиздан чиқарманг ва улар ҳақида фикр юритинг. Масалан, бу Яҳова билан дўстлигингизни ривожлантирганингиз, У ҳақда бошқаларга айтаётганингиз ёки сувга чўмганингиз бўлиши мумкин. Ўтмишда жон куйдириб, мақсадингизга эришганингиз каби ҳозир ҳам қўйган маънавий мақсадингиз сари интилишда давом эта оласиз. (Филип. 3:16)

Саёҳатдан баҳра олинг (18- хатбошига қаранг.)

18. Мақсад сари интилишда давом этар эканмиз, нимани унутмаслигимиз лозим? (Расмга ҳам қаранг.)

18 Худди қайиқчи бахтиёр бўлиб манзилига етиб борганидек, Яҳованинг кўмаги билан сиз ҳам мақсадингизга эриша оласиз. Шунингдек, кўп қайиқчилар саёҳатидан завқланишини ёдда тутишимиз лозим. Шу сингари, маънавий мақсад сари интилишда давом этар экансиз, Яҳова сизга қандай кўмаклашаётганини ва баракалар бераётганини кўришни унутманг. (2 Кор. 4:7) Таслим бўлмасангиз, бундан ҳам кўпроқ баракаларга эга бўласиз. (Галат. 6:9)

126- ҚЎШИҚ Мустаҳкам, ҳушёр ва мард бўлинг

a Биз доим маънавий мақсадлар сари интилишга ундаламиз. Лекин бирон мақсад қўйиб, унга эришишга қийналаётган бўлсак-чи? Ушбу мақолада мақсадларимизга қай йўсин эришишимиз мумкинлиги борасида турли маслаҳатларни кўриб чиқамиз.

b ИБОРА МАЪНОСИ. Маънавий мақсад Яҳовага янада кўпроқ хизмат қилиш ва Уни қувонтириш учун ниманидир яхшилашни ёки нимагадир эришишни ўз ичига олади. Мисол учун, сиз қайсидир фазилатни ривожлантиришни ёки топинишнинг бирор-бир қисмини, яъни Муқаддас Китобни ўқиш, шахсий тадқиқ қилиш ёки ваъзгўйлик хизматини яхшилашни мақсад қилиб қўярсиз.

c «Воизлик мактаби» китобининг 10-, 11- саҳифаларидаги 4- хатбошига қаранг.

d Кўпроқ маълумот учун «Қўриқчи минораси» журналининг 2008 йил 15 июль сонидаги «Мақсадларга эришиб, қувонинг!» номли мақолага қаранг.