Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

АСОСИЙ МАВЗУ: ХУДО БЕРАҲММИ?

Нима учун Худони бераҳм деб ҳисоблашади?

Нима учун Худони бераҳм деб ҳисоблашади?

УШБУ рисоланинг муқовасидаги савол сизни ҳайрон қолдирдими? Балки сиз шундай ўйламассиз, лекин кўпчилик Худони бераҳм деб билади. Нега?

Сабаби шундаки, табиий офатдан омон қолганларнинг баъзиларини: «Нимага Худо бундай кулфатга йўл қўйди? Наҳотки у бефарқ бўлса? У бераҳмми?» — деган саволлар қийнайди.

Бошқа одамлар эса Муқаддас Китобни ўқиганда, худди шундай ҳис-туйғуларни кечиришади. Айниқса улар Нуҳ пайғамбар давридаги Тўфон ҳақидаги баёнотни ўқишганда: «Нима учун меҳрибон Худо ўша пайтдаги ҳамма одамларни чўкиб ўлишига йўл қўйган? У бераҳмми?» — дея ажабланишади.

Сизда ҳам баъзида шундай саволлар туғиладими? Ёхуд сиз шу каби саволларга жавоб беришга ожизмисиз? Қандай бўлмасин, биз сизга бу борада турли хил саволларни кўриб чиқишни тавсия этамиз.

НЕГА БИЗ БЕРАҲМЛИКДАН НАФРАТЛАНАМИЗ?

Сабаби, бизда яхшиликни ёмонликдан ажратиш ҳиссимиз бор. Шу маънода биз ҳайвонлардан анча фарқ қиламиз. Парвардигоримиз бизни «Ўз суратидай қилиб яратди» (Ибтидо 1:27). Қайси маънода? Аллоҳ бизга Унинг фазилатларини ва ахлоқий меъёрларини, Унинг яхшиликни ёмонликдан ажратиш ҳиссини акс этиш қобилиятини берган. Бир ўйлаб кўринг: агар Тангри бизга яхшиликни ёмонликдан ажратиш ҳиссини берган бўлса ва биз бераҳмликдан нафратланишга ҳаракат қилаётган бўлсак, Худо ҳам ундан нафратланмайдими?

Бунинг тасдиғи Муқаддас Китобда ёзилган. Худонинг Ўзи шундай деб ишонтиряпти: «Менинг йўлларим ҳам, ўйларим ҳам, сизларнинг йўлларингиз, ўйларингиздан... баланддир» (Ишаё 55:9). Агар биз Худо бераҳм, деб хулоса чиқарсак, унда бизнинг йўлларимиз Уникидан баланд эканини кўрсатиб, Муқаддас Китобдаги сўзларга зид гапирган бўлмаймизми? Бундай дейишдан кўра, шу мавзуда кўпроқ маълумот излаш оқилона бўларди. Эҳтимол, Худонинг Ўзи бераҳм эмас, балки Унинг баъзи ишларида бераҳмлик намоён этиляпти, деб айтармиз. Лекин аввалига келинг, «бераҳм» сўзининг маъносини кўриб чиқайлик.

Биз кимнидир бераҳм деб билсак, ўша инсоннинг ниятлари ёмон, деган хулоса чиқарган бўламиз. Бераҳм инсон бошқалар қийналаётганини кўриб қувонади ёки бошқаларнинг дардига бефарқ бўлади. Шундай экан, агар ота ўғлини ранжитиш ниятида танбеҳ берса, уни бераҳм ота деса бўлади. Лекин ота ўғлига маслаҳат бериш ёки уни ҳимоя қилиш мақсадида танбеҳ берса, уни яхши ота деса бўлади. Демак, бизда ниятларни билиш қобилиятимиз йўқ бўлгани боис, ҳар доим ҳам бошқаларнинг ҳаракатларига тўғри баҳо бера олмаймиз. Айниқса буни, кимдир сиз ҳақингизда хулоса чиқарганда, кўрган бўлишингиз мумкин.

Келинг энди нима учун баъзилар Худони бераҳм, деб ҳисоблашаётганининг иккита сабабини кўриб чиқайлик. Биринчиси — бугунги кунда юз бераётган табиий офатлар, иккинчиси эса — Муқаддас Китобда баён этилган Аллоҳнинг ҳукмларидир. Буларни кўриб чиқиб, «Худо чиндан ҳам бераҳмми ёки йўқми?» деган саволга жавоб топасиз.