Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Фарзандларни қандай тарбияласа бўлади?

Фарзандларни қандай тарбияласа бўлади?

«Ўзимни игна устида ўтиргандек сезиб, ўтиб кетаётган ҳар бир машинанинг товушига қулоғимни тутардим. Бу ҳолат учинчи марта такрорланяпти, Жордан яна уйга вақтида келмади. Ўзимни қўйгани жой тополмасдим: “У қаерда юрибди экан? Балки, унга бир нарса бўлгандир? Биз у ҳақда ҳавотирланаётганимизни наҳотки у тушунмаса-я?!” Охири у келганда, портлаб кетишимга сал қолди» (ЖОРЖ).

«Қизимнинг чинқиришини эшитиб, юрагим шув этди. Орқамга ўгирилиб қарасам, у бошини ушлаб, йиғлаётган экан. Билсам, тўрт яшарли укаси уни урган экан» (НИКОЛЬ).

«“Бу узукни ўғирлаганим йўқ. Мен уни топиб олдим”,— деди олти яшар қизимиз Натали. Унинг катта мовий кўзлари айбсизликдан далолат бериб турарди. Нега у буни инкор этяпти? Бизга алам қилиб кетди. Ахир у бизни алдаётганини билардик-ку» (СТЕФАН).

СИЗГА ҳам бундай ҳис-туйғулар танишми? Шунга ўхшаш вазиятларга дуч келиб, фарзандни қандай тарбиялаш керак ва умуман олганда бундай қилиш шартми, деб ўйлаганмисиз? Фарзандларни жазоласа бўладими?

ТАРБИЯ ЎЗИ НИМА?

Муқаддас Китобда «тарбия» сўзи «жазо» сўзи билан синоним тариқасида ишлатилмайди. Авваламбор, тарбия насиҳатни, таълимни ва тузатишни ўз ичига олади. Тарбиянинг қўполлик ёки шафқатсизлик билан ҳеч қандай алоқаси йўқ (Ҳикматлар 4:1, 2).

Ота-оналар берган тарбияни боғбоннинг иши билан солиштирса бўлади. Боғбон ерга ишлов бериб, ўсимликни суғориб, уни қўшимча озиқлантиради ҳамда уни зараркунандалардан ва бегона ўтлардан ҳимоя қилади. Ўсимлик тўғри ўсиши учун боғбон уни кесиб туриши керак. Ўсимлик зарарланмаслиги учун боғбон турли усулларни қўллаши кераклигини тушунади. Худди шундай ота-оналар ҳам фарзандларнинг тарбиясида турли усуллардан фойдаланишади. Баъзида улар ўсимлик кесиш билан таққослайдиган жазо йўлларини қўллашади. Бу эса фарзандларнинг ёмон қилиқларни пайқаши биланоқ уларни тузатишга ва болалар тўғри тарбия олиб ўсишига имконият яратади. Бироқ кесиб олишни ҳам эҳтиёткорлик ила бажариш лозим, акс ҳолда ўсимликка зарар келтириш мумкин. Шунга ўхшаб, ота-оналар ҳам фарзандларини меҳр ила тарбия қилишлари керак.

Бу масалада Худованд Яҳова ота-оналар учун ажойиб ўрнак кўрсатган. Аллоҳ Ўз хизматчиларига бераётган тарбияси шунчалик самарали ва ёқимлики, улар насиҳатни севишни бошлашади (Ҳикматлар 12:1). Улар бу насиҳатни қаттиқ ушлаб, қўйиб юборишмайди (Ҳикматлар 4:13). Аллоҳ тарбия бераётиб, қуйидаги учта нарсага амал қилади: 1) севги, 2) мулоҳазакорлик ва 3) сўзда туриш. Агар сиз Худога тақлид қилиб, буларни қўлласангиз, фарзандингизга насиҳатни қабул қилишга ёрдам берасиз.

СЕВГИ

Аллоҳ тарбия бераётганда, буни севги ила қилади. Доно шоҳ Сулаймон шундай сўзларни ёзган: «Ота яхши кўрган фарзандини жазолагандек, Худо ҳам севганини жазолайди» (Ҳикматлар 3:12). Боз устига, Тангри Яҳова — «раҳмдил ва иноятли, жаҳли тез чиқмайдиган» Худодир (Чиқиш 34:6). Шу сабабли, Аллоҳ Яҳова ҳеч қачон қўпол ёки шафқатсизларча йўл тутмайди. «Қиличдай жароҳатлайдиган» дағал сўзлар, танқид ва аччиқ киноя Унга бегонадир (Ҳикматлар 12:18).

ТИНГЛАНГ

Тўғри, ота-оналар ўзини тута билиш фазилатини Қодир Тангри Таоло каби мукаммал даражада намоён эта олишмайди. Баъзида тоқатингиз тоқ бўлгандай туюлиши мумкин. Бундай пайтларда шуни ёдда тутиш керакки, ғазаб оловида болани жазолаш, кўпинча болага ёмон таъсир қилиб, яхши самара бермайди. Қолаверса, ғазаб оловида берилган жазони тарбия деб бўлмайди. Аслида, бу шунчаки ўзини тута билиш фазилати етишмаётганидан далолат беради.

Бошқа томондан, агар тарбия бераётиб, севги ва ўзини тута билиш фазилатларини намоён этсангиз, яхши натижаларга эришасиз. Ушбу мақоланинг бошида сўзлари келтирилган Жорж ва Николь қандай йўл тутишганини кўриб чиқайлик.

ИБОДАТ ҚИЛИНГ

«Охири Жордан уйга келганда, хотиним билан иккаламизнинг ичимиз ғаш бўлиб кетганди, аммо биз ўзимизни қўлга олиб, боламизнинг важ-корсонларини диққат билан тингладик. Кеч киргани учун биз суҳбатни эртаси кунга қолдирдик. Кейин бирга ибодат қилиб ухлашга кетдик. Эртаси куни биз вазиятни тинч ҳолатда муҳокама қила олдик ва гапларимиз ўғлимизнинг юрагига етиб борди. У нотўғри йўл тутганини тан олиб, ўзгаришга ваъда берди. Ҳис-туйғуларга берилиб, кутаётган натижаларга эриша олмаслигимизни яхшиямки вақтида тушуниб етдик. Ҳа, болани бошиданоқ тинглаш орқали вазиятни яхши йўл билан ҳал қилиш мумкин» (Жорж).

СУҲБАТЛАШИНГ

«Ўғлим опасини бекордан-бекорга урганда, роса аччиғим чиқди. Лекин мен уни шу заҳотиёқ жазоламасдан хонасига ҳайдаб юбордим, чунки ўша пайтда қаттиқ аччиқлаганимдан оқилона қарор чиқара олмасдим. Сал вақт ўтиб, жаҳлмдан тушиб, у билан жиддий гаплашиб олдим ва нима учун шафқатсиз бўлмаслик кераклигини тушунтириб бердим. Бундай қилиғи опасига қанчалик оғир ботганини айтдим ва бу иш берди. Ўғлим бориб опасидан кечирим сўраб, уни қучоқлади» (Николь).

Ҳа, ҳатто жазони ўз ичига олган тарбия ҳам ҳамиша севги ила берилиши даркор.

МУЛОҲАЗАКОРЛИК

Аллоҳ Яҳова жазолаганда, буни ҳамиша «адолат ила» қилади (Еремиё 30:11; 46:28). У вазиятнинг ҳамма томонларини инобатга олади, ҳатто унча кўринмайдиган тафсилотларни ҳам. Ота-оналар Тангри Яҳовага қандай тақлид қилишлари мумкин? Мақоламизнинг бошида сўзлари келтирилган Стефан исмли киши қуйидагича дейди: «Гарчи бизга алам қилган бўлса ҳам ва Натали узукни ўғирлаганини нега бўйнига олишни истамаётганини тушунмаган бўлсак ҳам, аммо у ҳали кичкина ва кўп нарсага ақли етмаслигини эътиборга олишга ҳаракат қилдик».

Николнинг турмуш ўртоғи Роберт ҳам вазиятнинг ҳамма томонларини инобатга олишга ҳаракат қилади. Фарзандлари ўзларини ёмон тутишганда, у ҳар сафар ўзига қуйидаги саволларни беради: «Бу вазият илк бор юз беряптими ёки қайта-қайта такрорланяптими? Эҳтимол, бола чарчагандир ёки ўзини ёмон ҳис қилаётгандир? Балки, бу қандайдир муаммо борлигидан далолат бераётгандир?»

Мулоҳазакор ота-оналар шунингдек, бола болалигини қилишини тушунишади. Худонинг хизматчиси бўлган Павлус исмли киши ҳам: «Мен болалигимда, бола каби гапирар, бола каби ўйлар... эдим»,— деганда айнан шуни назарда тутган (1 Коринфликларга 13:11). Роберт сўзида давом этиб шундай дейди: «Ўзим ҳам болалигимда қандай бўлганимни тез-тез эслаб тураман. Сабаби, бу менга қарор чиқаришда мувозанатли бўлишга ва бу вазиятни юрагимга яқин олмасликка ёрдам беради».

Фарзандингиз қила олмайдиган нарсани ундан талаб қилманг. Лекин шу билан бирга унинг ёмон хулқ-атворига ёки қилиқларига қўл силтаманг. Агар фарзандингизнинг қобилиятларини, камчиликларини ва бошқа томонларини инобатга олсангиз, бу уни тарбиялаётганингизда мулоҳазакор ва мувозанатли бўлишингизга ёрдам беради.

СЎЗДА ТУРИШ

Муқаддас Китобда: «Мен Эгангизман. Мен ҳеч қачон ўзгармайман»,— деб ёзилган (Малаки 3:6). Художўй одамлар ушбу ҳақиқатни билишгани учун ўзларини ҳимоя остида ҳис қилишади. Ота-оналар таълим-тарбия беришда гапларида туришса, фарзандлар ҳам ўзларини хавфсиз ҳис қилишади. Борди-ю, гапларингиз кайфиятингизга боғлиқ ҳолда ўзгарса, фарзандингиз саросимага ёки тушкунликка тушиши мумкин.

Ҳазрати Исо шундай сўзларни айтган: «“Ҳа” десангиз, бажаринг, “йўқ” десангиз, гапингизда туринг». Бу сўзлар болаларнинг тарбиясига ҳам тегишли (Матто 5:37). Сўзингиз устидан чиқишга ҳаракат қилинг. Агар болангизни ёмон хулқи учун жазолашингиз ҳақида огоҳлантирган бўлсангиз, албатта сўзингизда туринг.

Ота-оналар фарзандларини тарбиялаётганда, мулоқот қилишлари зарур. Сўзлари юқорида келтирилган Роберт қуйидагича бўлишди: «Агар фарзандларимизга бирон-бир нарса қилишни рухсат берсам-у, умр йўлдошим эса мендан олдин буни тақиқлаганини билиб қолсам, рафиқамнинг қарорини қўллаб-қувватлаш мақсадида қароримни бекор қиламан». Мабодо, бирон-бир вазиятда ота-оналарнинг фикри ҳар хил бўлса, ёлғиз қолиб бу ҳақда гаплашиб олишса ва биргаликда қарор чиқаришса яхши бўларди.

ТАРБИЯНИНГ МУҲИМЛИГИ

Агар фарзандларнинг тарбиясида Тангри Яҳовага тақлид қилган ҳолда севги, мулоҳазакорликни намоён этсангиз ва сўзингизда турсангиз, ҳаракатларингиз самара келтиришига амин бўлишингиз мумкин. Шунда фарзандларингиз етук, масъулиятли ва мувозанатли бўлиб ўсишига ёрдам берасиз. Ҳа, Аллоҳнинг Каломида: «Болани тўғри йўлга солиб тарбияла, шунда қариганда ҳам йўлидан адашмайди»,— деб бежиз айтилмаган (Ҳикматлар 22:6).