Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

41- ДАРС

Довуд ва Шоул

Довуд ва Шоул

Довуд Гўлиётни ўлдирганидан кейин Шоул уни жангчилар устидан бошлиқ этиб тайинлади. У кўп жангларда ғалаба қозонгани учун жуда машҳур бўлиб кетди. Довуд жангдан уйга қайтганида аёллар уни қарши олиб рақсга тушишарди ва: «Шоул минглаб, Довуд эса ўн минглаб душманларни ўлдирди!» — дея қўшиқ айтишарди. Шоул унга ҳасад қилганидан ўлдирмоқчи бўлди.

Довуд арфани яхши чаларди. Бир куни у Шоулга арфа чалаётганида, Шоул найзасини унга қаратиб отди. Довуд эса чап бериб қутулди ва найза деворга санчилиб қолди. Бундан кейин Шоул уни кўп маротаба ўлдирмоқчи бўлди. Охири Довуд қочиб, саҳрода яширинди.

Шоул 3 000 та жангчисини олиб, Довудни қидиргани кетди. Шундай бўлдики, у Довуд ва одамлари яширинган ғорга кириб қолди. Довуднинг одамлари унинг қулоғига: «Бу, Шоулни ўлдиришга яхши имконият»,— дея шивирлашди. Довуд секингина Шоулнинг ёнига келиб, камзули этагидан кесиб олди. Шоул ҳеч нарсани сезмади. Аммо Довуд Яҳованинг мойланган шоҳига ҳурмат кўрсатмагани учун ўзини айбдор ҳис қилди. У одамлари Шоулга ҳужум қилишига йўл қўймади. Шоул ғордан чиққач, Довуд унинг ортидан бақириб: «Менда сизни ўлдириш имкони бор эди, лекин мен бундай қилмадим»,— деди. Шоулнинг Довуд ҳақидаги фикри ўзгардими?

Йўқ. Шоул Довудни қидиришдан тўхтамади. Бир куни кечқурун Довуд ва унинг жияни Абушай ҳеч кимга билдирмасдан Шоулнинг қароргоҳига киришди. Ҳатто Шоулнинг тансоқчиси Абнур ухлаётган эди. Абушай: «Мана яхши имконият! Рухсат беринг, мен уни ўлдирай»,— деб айтди. Довуд эса: «Яҳованинг Ўзи Шоул билан ҳисоб-китоб қилади. Кел, фақат унинг найзаси билан сувдонини олиб, кета қолайлик»,— деб жавоб берди.

Довуд Шоулнинг қароргоҳи яхши кўринадиган тоққа чиқиб, шундай деб бақирди: «Абнур, нимага шоҳингизни ҳимоя қилмадингиз? Шоулнинг сувдони билан найзаси қани?» Шоул Довуднинг овозини таниб: «Сен мени ўлдиришинг мумкин эди, аммо бундай қилмадинг. Биламан, сен Исроилнинг кейинги шоҳи бўласан»,— деди. Шундай қилиб, Шоул ўз саройига қайтди. Шоулнинг оиласида Довудни яхши кўрадиган одамлар ҳам бор эди.

«Иложи бўлса, қўлингиздан келганича барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиринглар. Азизларим, ўзингиз учун қасос олманглар, бироқ Аллоҳнинг қаҳрига йўл қўйиб беринглар». (Римликларга 12:18, 19)