Бутруснинг биринчи мактуби 5:1–14

  • Аллоҳнинг сурувига чўпонлик қилиш (1–4)

  • Камтар ва ҳушёр бўлиш (5–11)

    • Барча ғам-ташвишларни Худога ташлаш (7)

    • Иблис шердай бўкириб юрибди (8)

  • Якуний сўзлар (12–14)

5  Масиҳ чеккан азобларнинг шоҳиди ҳамда келажакда ошкор этилиши керак бўлган улуғворликнинг қатнашчиси+ ва оқсоқол сифатида мен, орангизда бўлган оқсоқоллардан илтимос қиламан:  Нозирлар сифатида хизмат қилиб, қарамоғингизда бўлган Аллоҳнинг сурувига чўпонлик қилинглар+. Буни мажбурият юзасидан эмас, балки Худонинг олдида бажонидил+, ҳаром йўл билан фойда кўриш учун эмас+, аксинча, иштиёқ билан қилинглар.  Тангрининг омонати устидан ҳукмронлик қилмасдан+, сурувга ўрнак кўрсатинглар+.  Бош чўпон+ ошкор бўлганда эса сизлар сўлмайдиган шараф тожини оласизлар+.  Худди шундай, сиз ёшлар ҳам оқсоқолларга бўйсунинглар+. Бир-бирингизга муомала қилишда камтарлик белбоғини тақинглар. Зеро Аллоҳ мағрурларга қарши чиқади, камтарларга эса иноятини намоён этади+.  Худонинг қудратли қўли остида ўзингизни камтар тутинглар, шунда У ўз вақтида сизларни юксалтиради+.  Барча ғам-ташвишларингизни Унга ташланглар+, чунки У сизларга ғамхўрлик қилади+.  Ҳушёр ва сергак бўлинглар+, боиси душманингиз Иблис шердай бўкириб, бирор кимни ютиб юбориш учун излаб юрибди+.  Имонда мустаҳкам бўлиб, унга қарши туринглар+. Билингларки, дунёдаги барча имондошларингиз худди шундай қийинчиликларга дучор бўлишяпти+. 10  Турли усуллар билан иноятини намоён этаётган Аллоҳ, Масиҳ билан бирликда бўлган сизларни Ўзининг абадий улуғворлигига даъват этган+. Қисқа вақт азоб чекканингиздан кейин Унинг Ўзи сизларга тўлиқ таълим бериб, сизларни мустаҳкам+ ва кучли қилиб қўяди+. 11  Куч-қудрат абадулабад Уникидир. Омин. 12  Мана, сизларга далда бериш ҳамда Тангрининг чинакам инояти ҳақида шаҳодат бериш учун, мен садоқатли деб билган биродарим Силваннинг*+ ёрдами билан сизларга қисқача ёздим. Худонинг иноятидан ҳечам айрилманглар. 13  Сизлар сингари танланган Бобилдаги хоним* ҳамда ўғлим Марк+ сизларга салом айтяпти. 14  Бир-бирингизни меҳр билан ўпиб, саломлашинглар. Масиҳ билан бирликда бўлган барчага тинчлик ёр бўлсин.

Изоҳлар

Сила деб ҳам аталган.
Бу, Бобилдаги жамоатни билдириши мумкин.