Асосий материалларга ўтиш

ОИЛА УЧУН ЁРДАМ

Болам таҳқирланаётган бўлса, нима қилсам бўлади?

Болам таҳқирланаётган бўлса, нима қилсам бўлади?

Дейлик, ўғлингиз сизга у мактабда таҳқирланаётганини айтди. Шунда, нима қиласиз? Мактабга бориб, безорининг таъзирини беришларини талаб қиласизми? Ёки ўғлингиз унга ҳам худди шундай жавоб қайтаришини уқтирасизми? Бу масалада қарор чиқаришдан аввал, таҳқирланиш ҳақида баъзи фикрларни кўриб чиқинг a.

 Таҳқирланиш ҳақида нимани билишингиз керак?

Таҳқирланиш нима дегани? Бу мунтазам равишда ва атайин кимнидир жисмоний ёки ҳиссий жиҳатдан хўрлаш, ҳақорат қилиш ва камситиш дегани. Шунинг учун, болангизни кимдир хафа қилаётган ёки унга қўпол муносабат қилаётган бўлса, бу доим ҳам у таҳқирланаётганини англатмайди.

Нима учун буни билиш муҳим? Айримлар, «таҳқирланиш» сўзи остида қанчалик арзимас бўлишидан қатъи назар ҳар қандай ранжитадиган ҳаракатни тушунади. Лекин пашшадан фил ясаб, ўзингиз билмаган ҳолда болангизга келишмовчиликларни ҳал қила олишига тўсқинлик қилган бўласиз. Бу эса унга ҳозирнинг ўзида ва катта бўлганида ҳам керак бўлади.

Муқаддас Китобдаги принцип: «Хафа бўлишга шошма». (Воиз 7:9, изоҳ)

Хулоса. Гарчи баъзи вазиятларда бундай масалага аралашишингиз талаб этилса-да, айримлари болангиз келишмовчиликни ҳал қилишига ва одамлар билан қай йўсин муносабат қуриши мумкинлигини ўргатишингиз учун имкон бериши мумкин. (Колосаликларга 3:13)

Мабодо, болангиз уни мунтазам равишда ва атайин ранжитишаётганини айтса-чи, нима қиласиз?

 Қандай ёрдам бера оласиз?

  • Фарзандингизни сабр ила тингланг. 1) Нима юз бераётганини ва 2) нега айнан у билан бу содир бўлаётганини аниқлашга интилинг. Барча маълумотга эга бўлмай туриб, хулосалар қилманг. Ўзингиздан шундай деб сўранг: «Танганинг бошқа тарафи ҳам борми?» Барча тафсилотларни билиб олиш ниятида, фарзандингизнинг ўқитувчиси ёки бошқа болаларнинг ота-оналари билан гаплашиб кўришингиз керакдир.

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Тингламасдан жавоб бериш, аҳмоқлик ва шармандаликдир». (Ҳикматлар 18:13)

  • Агар болангиз таҳқирланаётган бўлса, вазият яхшиланиши ва баттар бўлмаслиги учун нима қила олиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўришига кўмаклашинг. Ҳикматлар 15:1 да: «Мулойим жавоб ғазабни қайтаради, қаттиқ сўз эса жаҳлни чиқаради»,— деб ёзилган. Дарҳақиқат, ўчакишиш оловга ёғ қуйгандек бўлади, шунда муаммо ечилишнинг ўрнига, янада чигаллашади.

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Ёмонликка ёмонлик, ҳақоратга ҳақорат билан жавоб қайтарманглар». (1 Бутрус 3:9)

  • Болангизга жавоб қайтармаслик заифликнинг белгиси эмаслигини тушунтиринг. Аксинча, бу у кучли эканининг исботи бўлади. Чунки шу билан у, таҳқирлаётган киши уни бошқаришига йўл қўймаётганини кўрсатади. Ҳа, у таҳқирлаётган кишини жавобан таҳқирламай туриб ғалаба қозонади.

    Болангиз Интернет орқали таҳқирланишларга дучор бўлаётган бўлса, буни ёдда тутиш айниқса муҳимдир. Интернет орқали ўзаро айтишиш, таҳқирлаётган кишига бу жангни давом эттиришига ва охир-оқибат болангизни хўрлашига имконият очиб берган бўлади. Шу боис, баъзида ҳеч қандай жавоб бермаслик яхшироқ бўлади. Эҳтимол, таҳқирлаётган киши шахтидан қайтар ва болангиз ҳам ўзини қўлда ушлар.

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Ўтин бўлмаса олов ўчади». (Ҳикматлар 26:20)

  • Баъзи ҳолларда, фарзандингиз таҳқирлайдиган одамлар ва улар бундай қилиши мумкин бўлган жойлардан узоқроқ юрар. Масалан, агар у муайян кишини ёки тўдани қаерда учратиш мумкинлигини билса, муаммонинг олдини олиш мақсадида бошқа йўлдан кетар.

    Муқаддас Китобдаги принцип: «Заковатли инсон хавфни кўриб яширинади, тажрибасиз эса олға қадам босиб жазосини тортади». (Ҳикматлар 22:3)

Фарзандингизнинг ўқитувчиси ёки бошқа болаларнинг ота-оналари билан гаплашиб кўришингиз керакдир

БУНИ ҚИЛИБ КЎРИНГ. Фарзандингиз қуйидагиларнинг яхши ва ёмон томонларини чамалаб кўришига кўмаклашинг. Масалан:

  • У дуч келган таҳқирларни шунчаки эътиборсиз қолдирса, нима юз беради?

  • У безориларга таҳқирларни бас қилишни дадиллик ила айта оладими?

  • У таҳқирлар ҳақида мактаб ходимларига айта оладими?

  • У дўстона муносабат кўрсатиб ва безорининг гапини ҳазилга йўйиб, уни шахтидан қайтара оладими?

Бола қай йўсин таҳқирланишидан қатъи назар, ҳар бир вазият ўзгачадир. Шундай экан, болангизга тўғри келадиган ечимни топишига ёрдам беринг. Ушбу мураккаб вазиятда уни қўллаб-қувватлашингизга ишонтиринг.

Муқаддас Китобдаги принцип: «Чин дўст ҳамма вақт севади, оғир дамда биродарига таянч бўлади». (Ҳикматлар 17:17)

a Гарчи бу мақолада ўғил бола тилга олинган бўлса-да, келтирилган фикрлар қизларга ҳам тегишли.