Асосий материалларга ўтиш

Бизнинг давримизда одамлар қандай бўлиши Муқаддас Китобда башорат қилинганми?

Бизнинг давримизда одамлар қандай бўлиши Муқаддас Китобда башорат қилинганми?

Муқаддас Китоб асосида жавоб

 Ҳа, бизнинг кунимизда одамлар ёмон тарафга ўзгариши Муқаддас Китобда башорат қилинган. Бу инсонлар ахлоқий ва жамиятга хос қадриятларни рад этишига олиб келяпти a. (2 Тимўтийга 3:1–5) Лекин Муқаддас Китобда баъзи инсонлар салбий таъсирга қарши тура олиши ҳам айтилган. Улар бу таъсирга берилишнинг ўрнига Худонинг ёрдами билан Унинг иродасига мувофиқ йўл тутишади. (Ишаё 2:2, 3)

Бу мақолада

 Бизнинг даврда одамларнинг хулқ-атвори қандай бўлиши ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилган?

 Унда инсонларнинг хатти-ҳаракатлари қандай бўлиши ва бунга худбинлик сабаб бўлиши ҳақида айтилган. Мисол учун, инсонлар «ўзини севадиган,.. ўзини тута билмайдиган,.. Аллоҳни эмас, айш-ишратни севадиган бўлишади». (2 Тимўтийга 3:2–4)

 Ростдан ҳам бу башорат ҳозир амалга ошяпти. Чунки одамлар нуқул ўзи ҳақида ўйлайдиган бўлиб кетишган. Уларни фақат ўзининг қизиқишлари, хоҳиш-истаклари ва қулайликлари қизиқтиради. Бундай иллатларга эга инсонлар «Мен авлодига» ва ҳатто «Мен, Мен ва фақат Мен авлодига» тегишли. Кўпларнинг эътибори фақат ўзида ва улар «яхшиликдан нафратланади». Улар «ношукур» бўлгани учун эга бўлган нарсаларидан ҳамда бошқалар улар учун қилган ишларидан миннатдор бўлишмайди. (2 Тимўтийга 3:2, 3)

 Худбинлик охирги кунларда кенг тарқалган қуйидаги иллатларнинг асосий сабабидир:

  •   Очкўзлик. Бугунги кунда «пулпараст» инсонлар жуда кўп. Улар муваффақиятнинг калити пул ва бойлик деб ҳисоблашади. (2 Тимўтийга 3:2)

  •   Мағрурлик. Кўплар «мақтанчоқ, кеккайган» ва «мағрур». (2 Тимўтийга 3:2, 4) Бундай инсонлар қобилиятлари, фазилатлари ва бойлиги билан мақтаниб, бўрттириб гапиришади.

  •   Туҳмат. «Куфр сўзларини айтувчи» ва «туҳматчини» ҳар ерда учратиш мумкин. (2 Тимўтийга 3:2, 3) Бундай инсонлар Худони ёки одамларни ҳақоратлаб, улар ҳақида ҳар хил ёлғонларни тарқатишади.

  •   Ўжарлик. Кўплар «садоқатсиз», «муросасиз», «сотқин» ва «ўзбошимча» бўлиб кетган. (2 Тимўтийга 3:2–4) Улар билан муросага келишнинг имкони йўқ. Бундай инсонлар келишувларни бузади ёки ваъдасининг устидан чиқмайди.

  •   Зўравонлик. Жаҳли бурнининг учида турадиган «шафқатсиз» инсонлар кўпайиб кетган. Улар кўпинча бошқалар билан жанжаллашиб, уришишади. (2 Тимўтийга 3:3)

  •   Қонунсизлик. Исо пайғамбар бизнинг даврда «қонунсизлик кўпайишини» ва «тартибсизликлар» ортиб боришини башорат қилган. (Матто 24:12; Луқо 21:9)

  •   Оилада севгининг совиши. Одамлар «ота-онага итоатсиз» ва оила аъзоларига «меҳрсиз» бўлаётгани сабабли оилаларда бепарволик, ёмон муносабат ва зўравонлик ошиб бормоқда. (2 Тимўтийга 3:2, 3)

  •   Диний иккиюзламачилик. Ўзларини «художўй қилиб кўрсатадиган» одамларнинг сони ортиб бормоқда. (2 Тимўтийга 3:5) Улар Худонинг иродасини амалга оширишнинг ўрнига қулоқларига ёқадиган нарсаларни сўзлайдиган дин раҳбарларига эргашяпти. (2 Тимўтийга 4:3, 4)

 Худбин инсонлар бошқаларга қандай таъсир қиляпти?

 Худбинлик тобора ошиб бораётгани сабабли ақлан ва ҳиссан азоб чекаётган инсонларнинг сони ҳам кўпайяпти. (Воиз 7:7) Масалан, пулни яхши кўрадиган инсонлар бошқалардан фойдаланишяпти. Меҳрсиз инсонлар эса оила аъзоларига яхши муносабатда бўлмай, уларни руҳан эзишяпти ёки ҳатто ўз жонига қасд қилишига сабабчи бўлишяпти. Шунингдек, одамлар сотқинлик ёки садоқатсизлик қилиб, уларга ишонганларнинг қалбини қаттиқ жароҳатлашяпти.

 Нега одамлар ёмонлашиб бормоқда?

 Муқаддас Китобда бунинг сабаби тушунтирилган.

  •    Инсонларда Худога ва одамларга бўлган самимий севги совияпти. (Матто 24:12) Унинг ўрнида эса худбинлик гуллаб-яшнаяпти.

  •    Шайтон осмондан ерга улоқтирилган ва фаолияти чегараланган. (Ваҳий 12:9, 12) Ўшандан бери унинг одамларга бўлган ёвуз ва худбин таъсири ошиб бормоқда. (1 Юҳанно 5:19)

 Бундай вазиятда биз нима қилишимиз керак?

 Худонинг Каломида: «Бундайлардан қоч»,— деб айтилган. (2 Тимўтийга 3:5) Бу биз ўзимизни жамиятдан олиб қочишимиз кераклигини англатмайди. Аксинча, худбин ва Худони назарига илмайдиган инсонлар билан дўстлашишдан қочишимиз керак. (Ёқуб 4:4)

 Ҳамма ҳам ёмон тарафга ўзгарадими?

 Йўқ. Муқаддас Китобда баъзилар «жирканч ишлар дастидан оҳ-нола қилиши» башорат қилинган. (Ҳизқиё 9:4) Улар худбин бўлмай, Аллоҳнинг меъёрлари бўйича яшашга интилади. Уларнинг гапириш тарзи ва ҳаракатлари аксарият одамларникидан тубдан фарқ қилади. (Малаки 3:16, 18) Шунингдек, улар ҳамма билан тинчликда яшашга ҳаракат қилади, урушда қатнашмайди ва зўравонликка қўл урмайди. (Михо 4:3)

 Дунё бутунлай тартибсизликка тўлиб-тошадими?

 Йўқ, бундай бўлмайди. Аксинча, тез орада Худо Унга итоатсиз бўлган одамларни йўқ қилади. (Забур 37:38) У «янги ерни» — янги жамиятни барпо қилади. Ўшанда улар ер юзида тинчлик ва осойишталикда абадий яшашади. (2 Бутрус 3:13; Забур 37:11, 29) Бу умид эртак эмас. Муқаддас Китоб ҳозирданоқ инсонларга ҳаётини ўзгартириб, Худога маъқул тарзда яшашга ёрдам беряпти. (Эфесликларга 4:23, 24)

a Муқаддас Китобдаги башорат ва дунёдаги аҳвол «оғир вақтларда», яъни «охирзамонда» яшаётганимизни кўрсатяпти. (2 Тимўтийга 3:1) Кўпроқ маълумотга эга бўлиш учун «Замон охирлаб бораётганининг белгиси» номли мақолага қаранг.