Асосий материалларга ўтиш

Нега Яҳованинг Шоҳидлари сиёсатга аралашмайди?

Нега Яҳованинг Шоҳидлари сиёсатга аралашмайди?

 Яҳованинг Шоҳидлари Муқаддас Китобга асосланган диний сабабларга кўра, сиёсатга аралашмайди. Ҳукумат ходимларига босим ўтказишмайди, сиёсий партиялар ёки алоҳида номзод учун овоз беришмайди, сиёсий мавқега сайланиш мақсадида ўз номзодини қўйишмайди ва ҳокимият тўнтарилишида умуман иштирок этишмайди. Чунки бетарафликни сақлаш учун Муқаддас Китобда қуйидаги муҳим сабаблар борлигини билишади:

  •   Сиёсий мавқедан бош тортган Исо Масиҳнинг ўрнагига тақлид қилишади. (Юҳанно 6:15) У шогирдларига «дунёга тегишли бўлмаслик» ва сиёсий масалаларда тарафкашлик қилмасликлари кераклигини аниқ қилиб тушунтирган. (Юҳанно 17:14, 16; 18:36; Марк 12:13–17)

  •   Худонинг Шоҳлигига садоқатли. У ҳақида Исо пайғамбар шундай деган: «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар... бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади». (Матто 24:14) Биз ушбу Худо Шоҳлигининг вакилларимиз ва бу Шоҳлик келиши ҳақида эълон қилиш вазифаси бизга топширилган. Шунинг учун, ҳеч бир мамлакатнинг, жумладан, ўз мамлакатимизнинг ҳам сиёсий ишларига аралашмаймиз. (2 Коринфликларга 5:20; Эфесликларга 6:20)

  •   Бетарафликни сақлаганимиз учун сиёсий масалаларда нуқтаи назари бир-бириникидан фарқ қилган инсонларга Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни сўз эркинлиги билан ваъз қила оламиз. Фақатгина Худонинг Шоҳлиги дунёдаги муаммоларни ҳал қилишига ишонаётганимизни сўзларимизу ишларимиз билан кўрсатамиз. (Забур 56:11)

  •   Сиёсий бўлинишлардан йироқда эканлигимиз учун умумжаҳон биродарлик ришталари билан боғлиқмиз. (Колосаликларга 3:14; 1 Бутрус 2:17) Аммо сиёсатга аралашадиган динлар орасида бундай бирлик йўқ. (1 Коринфликларга 1:10)

 Ҳокимиятни ҳурмат қиламиз. Гарчи сиёсатга аралашмасак-да, яшаётган мамлакатдаги ҳукмрон ҳокимиятни ҳурмат қиламиз. Бу Муқаддас Китобдаги амр билан ҳамоҳанг: «Ҳар бир инсон ҳукмрон ҳокимиятга бўйсунсин». (Римликларга 13:1) Шунинг учун, қонунларга итоатлимиз, солиқларни тўлаймиз ва фуқароларнинг манфаати учун ҳокимият томонидан қилинаётган уринишларни қўллаб-қувватлаймиз. Давлат тўнтарилишларида қатнашмаймиз. Аксинча, Муқаддас Китобдаги маслаҳатга амал қилиб, «подшоҳлар ва юқори мавқега эга кишилар учун», айниқса, улар дин эркинлигига таъсир қиладиган қарорлар чиқаришаётганда, улар учун ибодат қиламиз. (1 Тимўтийга 2:1, 2)

 Шунингдек, бошқаларнинг сиёсий масалаларда шахсий қарор чиқариш ҳуқуқини ҳурмат қиламиз. Масалан, сайлов жараёнига халақит бермаймиз ва овоз бермоқчи бўлганларга ўз нуқтаи назаримизни ўтказмаймиз.

 Яҳованинг Шоҳидлари яқинда бетарафликни сақлай бошлашганми? Йўқ. Биринчи асрдаги ҳаворийлар ва бошқа масиҳийлар ҳокимиятга нисбатан худди шундай нуқтаи назарда бўлишган. Бир китобда бу борада қуйидагича ёзилган: «Гарчи илк масиҳийлар ҳукмрон ҳокимиятни ҳурмат қилишни фарз деб билган бўлишса-да, сиёсатга аралашмаслик кераклигини яхши тушунишган». («Beyond Good Intentions») Тарихий бир китобда ҳам илк масиҳийлар «сиёсий мавқега эга бўлишмаган» деб ёзилган. («On the Road to Civilization»)

 Бетарафлигимиз ҳукуматга хавф туғдирадими? Йўқ. Тинчликсевар инсонлар бўлганимиз учун, ҳукумат ходимлари биздан қўрқишига ҳожат йўқ. Мисол учун, Украина Миллий фанлар академиясининг 2001 йилги ҳисоботида шундай ёзилган: «Эҳтимол, баъзилар Яҳова Шоҳидларининг бетарафлик борасидаги нуқтаи назарини ёқтирмас. Аммо тоталитар нацист ва коммунистлар режими ҳукм сурган пайтда айнан бу сабабга кўра Яҳованинг Шоҳидлари қувғунларга дуч келишган». Ҳатто Совет Иттифоқининг қатағон даврида Яҳованинг Шоҳидлари «қонунга итоатли фуқаролар бўлиб қолишган. Улар жамоа хўжалиги ва саноат корхоналарида чин юракдан ва ҳалол меҳнат қилиб, коммунистлар режимига ҳеч қандай хавф туғдиришмаган». Ушбу ҳисобот хулосасига биноан, бугунги кунда Яҳова Шоҳидларининг эътиқодию ишлари «ҳеч бир давлатнинг хавфсизлигига ва бирлигига хавф туғдирмайди».