Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Оиласида таҳқир қилинадиганлар учун ёрдам

Оиласида таҳқир қилинадиганлар учун ёрдам

 «Дунё бўйлаб аёллар таҳқирланишга дуч келади. Бу худди кенг тарқалган касаллик каби. Буни тўхтатиш учун шошилинч чоралар кўриш зарур»,— деб хабар бермоқда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти. Бу ташкилотнинг хабар беришича, турмушда ёки никоҳсиз яшаётган деярли 30 фоиз аёллар ўз жуфти томонидан жисмоний ва/ёки жинсий таҳқирланишга дуч келади. БМТнинг йилги ҳисоботига кўра, бутун дунё бўйлаб ҳар куни тахминан 137 та аёл жуфти ёки бошқа оила аъзоси томонидан ўлдирилади a.

 Ҳисоботлар оилада таҳқир қилинишга дуч келиш борасидаги муаммо қанчалик миқёсда эканини кўрсатиши мумкин, бироқ ҳар бир жабр кўрган киши ҳиссан ва жисмонан азоб чекканини умуман акс эттирмайди.

 Сиз ҳам оилангизда таҳқирларга дуч келяпсизми? Ёки бундай вазиятга дучор бўлган кимнидир биласизми? Ундай бўлса, қуйида Муқаддас Китобдан келтирилган фойдали фикрларга эътибор беринг.

  Бунда сизнинг айбингиз йўқ

  Ёрдам олишингиз мумкин

  Сиз ёлғиз эмассиз

  Оиладаги таҳқирларга чек қўйилади

  Бунинг қурбони бўлган кишига қай йўсин кўмаклаша оласиз?

 Бунда сизнинг айбингиз йўқ

 Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Ҳар биримиз ўзимиз учун Худога ҳисобот берамиз». (Римликларга 14:12)

 Буни ёдда тутинг: Сизни таҳқирлаган киши қилмиши учун жавобгар.

 Сизни таҳқирлаган киши юз берган воқеада сизни айблаётган бўлса, унутмангки, муаммо сизда эмас, унда. Хотинлар таҳқир қилинишга ва қўполликка эмас, севилишга ва ғамхўрликка лойиқ. (Колосаликларга 3:19)

 Баъзида, ўз жуфтини таҳқир қилаётган инсон ақлий касалликка чалинган, ўз оиласида буни кўриб улғайган ёки спиртли ичимликларни суиистеъмол қилаётган бўлиши мумкин. Шундай бўлса ҳам, сиз билан шу каби йўл тутаётганида у Худонинг олдида жавобгар. Сиз эмас, у ўз ҳаракатларини ўзгартириши зарур.

 Ёрдам олишингиз мумкин

 Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Маслаҳатчи кўп бўлса, улар [режалар] амалга ошади». (Ҳикматлар 15:22)

 Буни ёдда тутинг: Агар бирон хавф ҳис этаётган ёки нима қилишни билмаётган бўлсангиз, бошқалардан ёрдам сўранг.

 Нега бошқаларнинг ёрдами керак бўлиши мумкин? Оилада таҳқир қилинишга дуч келиш жуда мураккаб масала. Қандай йўл тутиш яхшироқ эканини ҳал қилиш учун барча омилларни чамалаб, қай бири муҳимроқ эканини аниқлашингиз зарур:

  •   Шахсий хавфсизлик

  •   Фарзандларнинг хавфсизлиги

  •   Моддий вазият

  •   Жуфтингизга бўлган севги

  •   Жуфтингиз ўзгарса, муносабатларингизни сақлаб қолиш истаги

 Буни ёлғиз ўзингиз ҳал қилсангиз, нима қилишни билмаслигингиз ва хавотирланишингиз табиий. Сизга ким ёрдам бериши мумкин?

 Ишонган дўстингиз ёки оила аъзоингиз сизга амалий ва ҳиссий ёрдам бериши мумкин. Ғамингизни ейдиган инсон билан гаплашишнинг ўзи сизга кўп ёрдам беради.

 Ишонч телефонлари оилада таҳқир қилинадиган инсонларга зудлик билан ёрдам бериши мумкин. У ерда ишлайдиган кишилар ўзингизни қандай ҳимоя қила олишингиз масаласида кўмаклашиши мумкин. Жуфтингиз сизни таҳқирлашни тўхтатиши учун ёрдамга муҳтож эканини тушунса ва ўзгаришни чин дилдан хоҳласа, бу ишчилар у қўйиши керак бўлган илк қадамлари билан ёрдам беради.

 Бошқалар ҳам шошилинч ёрдамга муҳтож бўлганингизда кўмаклашиши мумкин. Эҳтимол сизга шифокор, ҳамшира ёки бошқа мутахассисларнинг кўмаги керакдир.

 Сиз ёлғиз эмассиз

 Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Яҳова b қалби ўксиганларга яқиндир, руҳан эзилганларни У қутқаради». (Забур 34:18)

 Буни ёдда тутинг: Аллоҳ сизга ёрдам беришни истайди.

 Тангри Яҳова сизга ғамхўрлик қилади. (1 Бутрус 5:7) У ич-ичингиздаги фикр ва туйғуларингизни тушунади. У сизга Ўз Каломи бўлмиш Муқаддас Китоб орқали тасалли бера олади. Шунингдек, Унга ибодат қилишингизни хоҳлайди. Ибодат қилганингизда, Худо сизга вазиятингизни қандай ҳал қила олишингизни тушунишингиз учун керакли донолик ва куч бера олади. (Ишаё 41:10)

 Оиладаги таҳқирларга чек қўйилади

 Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Уларнинг ҳар бири ўзининг токи ва анжир дарахти тагида ўтиради. Уларни ҳеч ким даҳшатга солмайди». (Михо 4:4)

 Буни ёдда тутинг: Муқаддас Китобда ваъда берилганидай, яқинда ҳар бир инсон учун хонадони осойишта жой бўладиган вақт келади.

 Тангри Яҳова барча муаммоларимизга буткул чек қўйиб, уларни абадулабад ҳал қилишга қодир ягона Шахс. Муқаддас Китобда шундай ваъдани ўқиймиз: «Худо уларнинг кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди». (Ваҳий 21:4) Ўшанда, барча ёмон хотираларимиздан из ҳам қолмайди. Уларнинг ўрнига ёқимли, яхши ҳиссиётларни туямиз. (Ишаё 65:17) Муқаддас Китобга кўра, сизни айнан шу каби хотиржам келажак кутмоқда.

a Бу мақолада жабр кўрган аёллар ҳақида айтилган бўлса-да, кўп фикрлар жабр кўрган эркак кишиларга ҳам тегишли.

b Муқаддас Китобга кўра, Яҳова — Худонинг исми.